Бугун 2 июль — халқаро спорт журналистлари куни.
Бизда спорт журналистлари катта ҳажмдаги иш бажаради. Футбол соҳасига ихтисослашган ОАВ сони ва нуфузидан келиб чиқса ҳам, биз қолган йўналишларга нисбатан пешқадаммиз. Спорт журналистларимиз спорт ичига кириб кетишга ҳам имкон топа оляпти. Чунки улар изланяпти, ўқияпти, улар жаҳон футболи билан жуда яхши таниш.
Ишни спорт журналистикасидан бошлаб, кейинроқ фаолиятида ўзгариш қила олган акаларимиз ҳақида кўп гапирамиз. Аваз Бердиқулов ва Санжар Ризаев бугун Куала-Лумпурда — ОФК штаб-квартирасида, Алишер Никимбаев Қатарда футболида. Бахтиёр Ширинов, Бахтиёр Маметов, Даврон Файзиев, Нодирхўжа Йўлдошев ЎФАда, Зоҳир Акромхонов, Шерзод Ражабов ЎзПФЛда, Аброр Имомхўжаев, Толиб Қосимов, Улуғбек Мирзаев Бунёдкорда, Баҳодир Мирзаев АГМК клубида. “Дарё” бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев, ЎзА раҳбарияти таркибига кирган Хушнуд Худойбердиев, “Спорт” телеканали раҳбари Зоҳид Каримов ҳам спорт журналистикасига бегона эмаслигини яхши биласиз. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Бу инсонлар бугун спорт журналисти бўлиш ҳаракатида юрган ука ва сингилларимизга умид ҳамда мотивация бера олишади.
Юқоридагиларнинг ҳаммасидан нимадир олдим. Улар сафига Хайрулла Ҳамидов, Шуҳрат Шокиржонов, Қаҳрамон Асланов ва албатта менга катта туртки берган амаким Зафар Имомхўжаевни қўшишим керак. Уларнинг ҳаммасидан миннатдорман. Ишонаманки, спорт журналистлари ҳали бундан-да кўпига эришади. Спорт-ТВ ва Футбол-ТВ ўртасидаги, шунингдек, бир қатор газета ва интернет нашрлар ўртасидаги рақобат шу йўлда хизмат қилади. Байрамингиз билан касбдошлар.
@diyorimamkhodjaev