
FUTBOL TV орқали Ретро ўйинлар “Классик матч” рукни остида бериб бориляпти ва бунга яхши изоҳлар оляпмиз. Ҳаммага раҳмат!
Тўғри, бундай пайтда уйда ўтирган ҳар қандай мухлис ўзи эслаб қолган зўр ўйинларни, жамоаси иштирокида кечган супербаҳсларни кўргиси келади. Ижтимоий тармоқ орқали талаб қилиш имконияти ҳам ошган. Бу ҳолатни ҳар ўйин анонси остида юзлаб қайсидир ўйиннинг намойиши сўралаётганидан ҳам билсак бўлади. Шу масалада озгина тушунтириш киритиб кетиш зарурга ўхшаяпти:
Карантин кунларида жаҳон футболи тўхтаб тургани учун трансляция ҳамкорларимиздан бу масалада ёрдам сўралди, ҳозир намойиш этилаётган ўйинлар ва яна бир қатор намойиши режалаштирилган баҳслар тақдим этиб келинмоқда. Ла лига ҳам, АПЛ ҳам, А серия ҳам ўзи лозим топган учрашувларни биз билан баҳам кўряпти. Уларнинг-да шароити билан ҳисоблашишга мажбурмиз. Ўйинлар борасидаги таклифларимизни ҳам юборганмиз. У ҳам ҳисобга олинса керак, деб ўйлаяпмиз.
Талаб ва истакларингизни тушунамиз. Сиз ҳам шунингдек бизни-да тўғри тушунингизни истардик – трансляция ҳуқуқи жиддий сўраладиган даврда яшаяпмиз. Бизнинг ҳам истаган ўйинимизни бергимиз келади. Аммо хоҳишимиз доим ҳам имкониятларимизга мос тушавермайди.
Баъзи мухлислар “олдинги шарҳи билан” кўришни хоҳлашяпти. Бунинг имкони умуман йўқ. Биринчидан, олдин бу ўйинлар ўзи шарҳланганми, йўқми, билмаймиз, шарҳланган тақдирда ҳам архивларда қолмаган. Учинчидан, у пайтдаги видео сифати бугунги кунга мутлақо яроқсиз.
Шу боис, мухлисларимиздан ҳозир тақдим этилаётган ўйинларга рози бўлиб туришларини сўрардик. Яқин орада юқоридаги миллий чемпионатлар трансляциялари эгалари янада шиддатли ва тарихий ўйинларни тақдим этишса, албатта, биз ҳам эфирга узатамиз. Ўзимиз ҳам шуни кутяпмиз.
Ҳали олдинда уйда ўтирадиган кунларимиз кўпга ўхшаяпти. Умид қиламизки, сиз сўраган энг яхши ўйинларнинг намойиши ҳам бўлади. Фақат бунга сиздан дуо ва озгина сабр...
Бугун эса, 14-ҳудуд14-ҳудуд (21:00)нинг янги сонидан сўнг 22:00да 2010/11 йилги мавсумда ўтказилган “Валенсия” – “Реал Мадрид” ўйини намойиш этилади. Ҳозирдан айтамиз, учрашув росмана шиддатга тўлиқ. Валенсия” – “Реал Мадрид” ўйини намойиш этилади. Ҳозирдан айтамиз, учрашув росмана шиддатга тўлиқ.
Бизни кузатаётган ва талаб-истаклари билан-да эътиборларини билдириб келаётган барча ишқибозларга миннатдорчилик билдирамиз. Саломат бўлинг, азизлар!
@xayrulla_hamidov