«Ватанга хизмат - Олий фазилат» шиори остида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди
Ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта мамлакатнинг эртанги тараққиётини белгилаб берувчи етакчи кучлари ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир.
Юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббуси ва 2021 йил 22 ноябрдаги Ф-4 фармойиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлари бўйича ўринбосарининг 2021 йил 26 ноябрь кунидаги № 14/3329 сонли чора – тадбирлар дастурига асосан жорий йилнинг 1 декабрь кунида вилоят кенгашининг мажлислар залида ҳамкор ташкилотлар иштирокида "Ватанга хизмат-Олий фазилат" шиори остида семинар ташкил этилди.
Унда вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси ходимлари ва фахрийлари, 99451, 7532, 7259 ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари, касаба уюшмаси фаоллари ва ёшлари, Навоий шаҳридаги 7-сонли умумтаълим мактаб ўқувчилари, вилоят ҳокимлиги ҳарбий маъмурий сектор раҳбари маслаҳатчиси, вилоят Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ходимлари, вилоят ёзувчилар уюшмаси раиси иштирок этди.
Тадбирни Вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Нормурод Исоков очиб берди. Шундан сўнг ҳамкор ташкилотларнинг раҳбар ва масъуллари томонидан маърузалар қилинди. Ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдириш лозимлиги таъкидланди.
Тадбир сўнггида ижодкор ёшлар томонидан “Ватан” ва “Тинчлик” ҳақида шеърлар ўқилди.