ТАРСАКИ
(Ҳикоя)
Агар Тангри сендан юз ўгирса У сени фойдасиз машғулот билан банд қилиб қўяди!
Ана шунда яшашдан самар ҳам, маъно ҳам қолмайди.
Алғов-далғовли хаёллар ичида юраркан ўтган умри ҳеч бир мезонда зарра мисқолча вазнга ¬ - аҳамиятга эга эмасдек!
Нимага эришди?
Оиласи пароканда бўлди!
Ҳатто фарзандлари уни “ота” дейишга-да уяладиган даражага бориб етди. Туппа-тузук уста – уй қуришни пойдеворидан тортиб томигача бинойидек эпалйди. Бироқ, топгани ўзига юқмайди – ўша куниёқ ҳавога соврулади.
Ҳовлиси шундоққина масжид – тангрининг байтига ёнма ён кимса бўлсанг ҳам Унинг олдида заррача даражанг бўлмаслиги мумкин!
Азон – у туғилганидан буён эшитиб келган илоҳий оҳанглар. Эшитавериб, эшитавериб мўминларнинг Яратганга мазкур ноласи ҳам унга ҳеч бир аҳамиятга эга эмасдек.
Ўй ташвиши бир – бугун бир иш чиқса-ю, унинг пулига улфатчилик қилса.
Бу сафар ичишдан мақсади бир оз бошқача эди. Хаёлларини, тинчини бўлган ўзидаги ноаниқ кайфиятдан халос бўлмоқчи бўлди. Роса ичди. Ўзини таний олмайдиган даражада ароққа бўкди!
Катта йўл ёқалаб юриб келаркан машиналарнинг кўзни қамаштирувчи чироқлари ва шовқини унинг ғашига тегарди. Айрим ҳайдовчиларнинг сигнал чалиши эса умуман ортиқча.
Ҳар замон тўхтаб уларга қўл силтаганча ғудраниб, сўкинарди. Оёқларига тош боғлангандек, судраласудрала асфалт йўлни кесиб ўтишга чоғланди. Унинг мақсади йўлнинг нариги томонидаги скамейкада ётиб қолиш эди.
Йўлнинг яримига етгандиҳамки сигнал товуши, машинанинг чийиллаган тормоз овози ва кўзларини буткул қамаштирган ёруғликни пайқади холос. Ҳаммаси бир зумда содир бўлди.
Кейин ўзини қушек енгил ҳис қилди. Ҳаттоки оёғини бир силкаласа осмонга кўтариладигандек! Атроф ёп-ёруғ! Кейин қандайдир туйнук очилди. Во ажаб! Йўқ у оёқларини олдинга ташлагамади – оёқлари бехос уни ўша томон олиб борди! Туйнукдан қараркан тарихий бин манзара гувоҳ бўлди – эгниларида яктак, оёқларида этик, бошларида дўппи кийиб олган усталар алланима иншоот қуриш билан банд жди. Кимдир уларга йўл-йўриқ кўрсатаётганди. Устабоши шекилли.
Бу ер ахир уйининг олди-ку! Уйи ёнидаги масжиднинг қурилиши-ку! Мана ўша қадимий анҳор. Унинг ўнг томонида масжид, чап тарафида унинг уйи бор ҳозир.
Устабоши унинг кўзига жуда илиқ кўринди – унинг бўй басти, ҳаракатлари, кўз-қошлари худди отасидек эди. Э, воҳ! Наҳотки икки одам бир томчи судек бир-бирига ўхшаса.
Гуппилабб ураётган юрагининг ҳар бир зарби унга эшитилаётганди. Бобоси-ку! Мана шу масжидни наҳотки бобоси қурган бўлса! Қурувчилик наҳотки унга бобомерос касб бўлса!
Шу дам оқ яктакли, кенг салла ўраган, асо тутган мўйсафид усталар олдига яқинлашди. Ҳамма ишини тўхтатиб шайхга тавозе кўрсатди. Устабоши у кишининг олдига яқинлашаркан қўли кўксида бўлиб салом-алик қилди ва яна алланималар тўғрисида суҳбат қурилди.
Тамом! Мана шу жойда туйнук ёпила борди. У ҳарчанд уринмасин, бақирса ҳамки овози чиқмади, нариги томонга ўтишга ҳам мажоли тополмади. Оёқлари ерда ёпишиб қолгандек. Уларни кўтара олмаяпти. Бор кучи билан тортсаҳамки кучи етмади. Шу пайт кучли оғриқни ҳис қилди.
Атрофдаги сукут ғала-ғовур, тез ёрдам машинасининг сирена товуши билан ламашди. У ўзини айнан ушбу машинанинг ичида ётган ҳолда кўрди. Усти олқ мато билан ёпилган, тиззасидан пасти қонга ботганди.
Автоҳалокат маҳали унинг оёқлари машина ва йўл ўртасидаги тўсиқ ўртасида қолиб кетганлиги у бир неча кундан кейин, комадан уйғонгач билди....
2011 йил.Навоий шаҳри.